[2021-10-22 08:11:07] Notice: Undefined variable: http_accept_language in /opt/www/vhosts/olympicboxing.uz/httpdocs/index.php on line 64
 Кучли спортчиларни “қалб кўзи” бор бўлган мураббийлар аниқлайди / Ўзбекистон Бокс Федерацияси 

Мусобақалар тақвими

    Тақвим

    Сайт бўйича қидирув

    Спонсорлар

    Спонсоры

    Кучли спортчиларни “қалб кўзи” бор бўлган мураббийлар аниқлайди

    Ҳозирги кунда юртимизнинг катта шаҳарларидаги замонавий спорт мажмуаларини қўя турайлик, марказдан олисдаги чекка қишлоқларда ҳам спорт инвентарлари билан жиҳозланган иншоотлар сони ортиб бормоқда.

    Аммо маҳоратли спортчиларни камолга етказишда шароитнинг ўзи етарли эмас, албатта. Бунда мураббийларнинг маҳорати, ўқув масканларидаги умумий “об-ҳаво”, жамоадаги доимий кўтаринки кайфият асосий омил бўлишини Чирчиқ олимпия захираларида етишиб чиққан донгдор спортчилар тимсолида кўриш мумкин.  

    Дунё миқёсида Ўзбекистон бокс мамлакати, дея тан олинишида Чирчиқ олимпия билим юрти спортчиларининг хизматлари беқиёс. Баҳодир Жалолов, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов, Шунқор Абдурасулов каби қатор номдор боксчилар айнан ушбу спорт мактабининг қалдирғочлари ҳисобланишади.  

    Биргина Баҳодирнинг бугун нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон бокс ривожига қўшаётган ҳиссасининг ўзи алоҳида мавзу. Жорий йилнинг апрель ойида юртимизга ташриф буюрган Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси президенти Умар Кремлев мамлакатимиз боксчилари ҳақида сўз юритиб, Баҳодир Жалоловдек профессионал спортчининг дунё бокс оламига кириб келиши фавқулодда ҳодиса бўлганлигини айтиб, унинг ҳар бир ҳаракати, рингда амалга ошираётган техник ва тактик усуллари йиллар давомида ўрганиладиган, таҳлил этиладиган “мумтоз спорт санъатидир”, дея таъкидлаганди.  

    Ҳақиқатан шундай. Бундан анча йиллар муқаддам жаҳон спортининг афсоналари бўлган Иван Поддубний, Пеле, Муҳаммад Алиларнинг ҳатти-ҳаракатлари ўнлаб мамлакатлардаги спорт таълим муассасаларида, клубларда, спорт мактабларида ўрганилган бўлса, яқин ўтмишда Александр Медведь, Марадона, Тайсон, ўзимизнинг “Тошкент йўлбарси”, Артур, Муҳаммадқодир, Миржалолу Абдуллаларнинг “сири нима”далиги таҳлил этилди ва этилмоқда. Шу маънода, ғурур билан таъкидлаш керакки, 21 аср жаҳон спортида, хусусан, боксида Баҳодир Жалолов шундай тимсолдаги спортчилар қаторидан ўрин олганлиги бор гап.  

    Ҳозир дунёдаги спорт жамоаларида "Париж-2024" ўйинларига ҳозирлик бошлаб юборилган. Рақиблар, кучли спортчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати ўрганилмоқда, андоза олинмоқда. Ўқув-машғулот жараёнида қўлланилмоқда.

    Катта шов-шувлар билан якунланган Токио олимпиадасидан кейин бир қатор давлатларда терма жамоалар таркиби янгиланди, мураббийлар штабида ўзгаришлар қилинди. Янги олимпия цикли учун махсус дастурлар ишлаб чиқилди. Режалар белгиланди.  

    Биргина қўшни Қозоғистон бу борада бокс бўйича терма жамоани янгидан шакллантириш мақсадида мураббийлар таркибини тўлиқ алмаштирди. Терма жамоани ҳам янгилаш жараёнини бошлаб юборди. Япония боксида эса "Токио-2020" натижалари ижобий баҳоланиб, ўзбекистонлик тажрибали мураббий Владимир Шин билан шартнома муддати Франция олимпидасигача узайтирди. Олис Америкаю Европа спорт жамоаларида ҳам шу ҳолат.  

    Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасида эса мураббийлар таркиби ёшлар терма жамоасининг мураббийларини  кучайтириш орқали мустаҳкамланди. Бу эса келажакка ўзига хос замин ҳозирланди, дейиш мумкин.  

    Шунингдек, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов мамлакат боксчилари, мураббий ва мутахассислар билан Токио олимпиадаси якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда “терма жамоа эшиклари барча боксчилар учун очиқ”лигини эълон қилди.  

    Шундан кейин бир қатор иқтидорли спортчилар қатори профессионал боксда фаолият кўрсатиб келаётган Рио олимпия ўйинларида медалларга сазовор бўлган Ҳасанбой Дўсматов ва Рустам Тўлаганов каби номдор чарм қўлқоп усталари Ўзбекистон терма жамоасидаги ўқув-машғулотларда қатнашишни бошлаб юборишди.  

    Муҳими, ўнлаб истеъдод эгаларига имконият эшиклари очилди. Терма жамоамиз мураббийлари учун эса катта танлов майдони вужудга келди.

    –Ҳар бир инсонда ўзига хос фавқулодда истеъдод мавжуд. Фақат уни аниқлаш, сезиш ва тўғри йўналтира олсагина кутилган натижага эришилади. Баҳодирнинг ана шу жиҳатларини топиб, уни тарбиялай олган мураббийларига раҳмат. Агар Баҳодир бошқа спортни ёки соҳани танлаганида ёки унинг “кўзи чақнаб турганига” мураббийлар эътибор бермаганида  бугун биз ҳам, дунё ҳам Баҳодир Жалоловдек кучли спортчини билмай ўтиб кетарди. Бу жиҳатдан, бокс бўйича тажрибали мураббийлар Тўлқин Қиличев ва Рустам Саидовга қойил қолиш керак. Улар шогирдидаги кўпчилик учун кўринмайдиган “омад нуқтаси”ни топа олган мураббийлар, деб биламан. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетида ёш спортчи-мутахассисларда шундай хислатли мутахассисларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

    Университет раҳбарияти талабалар ва мураббийлар учун ҳар ойда бир марта Баҳодир Жалоловдек профессионал спортчилар, Тўлқин Қиличевдек маҳоратли мураббийлар иштирокида давра суҳбатлари, семинарлар ўтказиш йўлга қўйилганидан мақсад ҳам юртимиз спортини дунёга достон этадиган  ёшларни камолга етказишга муносиб заҳира яратишга қаратилган,–дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университети ходими Озода Акбарова.  

    Талаба-спортчиларнинг халқаро спорт майдонларида муваффақиятларга эришишида билим даргоҳларидаги мураббийлар қаторида бўлим ва бўлинмадаги мутахассисларнинг ҳам ўзига хос хизматлари борки, бу халқаро спорт майдонларида қўлга киртиладиган ютуқларда муҳим роль ўйнайди.

    Зеро, ғалабанинг 70 фоизи спортчи истеъдоди билан амалга ошса, унинг қолган қисмларида мураббий меҳнати, жамоа кайфияти ва, албатта, оиладаги муҳит катта роль ўйнайди. Аммо ўша  иқтидорли спортчини аниқлаш ва йўналтириш эса сўзсиз мураббийнинг "қалб кўзи" билан амалга ошадики, юрагида Ватанни улуғлайдиганларни аниқлаш  ҳисси бор бўлганлар саломат бўлсин.  

    Тўлқин Рўзиев, ЎзА

    

    Бокс тарихи

    Боксни ривожлантириш қўллаб - қувватлаш жамғармаси

    Ҳалқаро Бокс Уюшмаси

    Боксни қаерда ўрганса бўлади

    Ўзбекистон боксни ривожлантириш қўллаб - қувватлаш жамғармаси ёрдамида

    Сайтни яратиш Brand.uz