Мусобақалар тақвими

    Тақвим

    Сайт бўйича қидирув

    Спонсорлар

    Спонсоры

    Ўзбекистонлик машҳур боксчилар нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам ўз жангларини ўтказади

    Uzbek Tigers жамоаси боксчиларининг Термиз шаҳрида ўтиши режалаштирилган WSB таснифидаги жанглари пойтахт Тошкентга кўчирилгач, айрим нашрлар бунга ўз муносабатини билдирди. Мазкур ҳолатни инобатга олган Ўзбекистон бокс федерацияси вазиятга изоҳ беришга қарор қилди.

    WSB мусобақасининг ўтган мавсумида Uzbek Tigers жамоаси Кубанинг машҳур Cuba Domadores клубини Самарқанд шаҳрида қабул қилиб, 3:2 ҳисобида зафар қучган ва ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарига катта қувонч улашганди. Шундан кейин жаҳон даражасида тан олинаётган боксчиларнинг қолган вилоятларга ҳам ташрифи режалаштирилди.

    Cuba Domadores жамоасига қарши бу сафарги жанг Термиз шаҳрига тақдим этилганди. Бироқ яқиндагина Тошкентга ташриф буюрган AIBA вакиллари Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти билан учрашувда бўлиб, WSB обрўсини кўтариш масаласида ўзаро ҳамкорлик қилишни сўради. Бунда телетрансляция масаласи катта ўрин тутиши, шунингдек, ринг ва унинг атрофидаги ҳолатнинг талаб даражасида бўлиши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

    Мазкур учрашувдан кейин бокс федерацияси МОҚ билан ўзаро маслаҳатлашиб, Cuba Domadores ҳамда Colombia Heroicos клубларига қарши икки кун оралиғида ўтадиган жангларни Тошкентга кўчиришга қарор қилди. Бунда биринчи навбатда телетрансляция масаласи ва унинг сифати ҳисобга олинди. Шунингдек, биз билан илиқ муносабатларни йўлга қўяётган AIBA вакилларида яхши таассурот қолдирган ва шароитлари қониқарли бўлган “Универсал” спорт мажмуаси вариантида тўхталинди.

    Термиз учун ваъда қилинган жанглар эса 6—7 апрель саналарига режалаштирилмоқда. Шу куни WSB гуруҳ босқичининг 4-тури доирасида Венесуэла боксчилари Uzbek Tigers клубига қарши рингга чиқади. AIBA таклифи бўйича, Термиздаги бокс кечасига жиддий тайёргарлик кўрилади. Телетрансляция ва ташкилотчилик юқори савияда бўлиши учун бироз вақт кераклиги инобатга олиниб, федерация бокс кечасининг санасини ўзгартирди, манзил эса сақлаб қолинди.

    Ўз навбатида МОҚ раҳбарияти ҳам нафақат вилоятлардаги бокс мухлисларини хушнуд этиш, балки Ўзбекистоннинг жаҳонда тутган ўрни ва мамлакатда спортга бўлаётган эътиборни муносиб тарзда намойиш қила олиш талабини қўйган. Унга кўра, Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳобиддин Зоиров, Иқбол Холдоров, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов каби машҳур боксчиларнинг вилоятларда жанг ўтказиш анъанаси сақлаб қолинади. Бироқ ҳамма нарса пухта режа ва юқори ташкилотчилик асосига қурилиши керак бўлади.

    Cuba Domadores ҳамда Colombia Heroicos клубларига қарши жанглар 27 февраль ва 1 март саналарида ўтади. МОҚ таклифи билан бокс оқшомига Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган республика касб-ҳунар коллежи, 100-сонли полимилит таянч ҳаракати бузилган болалар интернати ҳамда 23-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ташриф буюради. Уларни “Универсал” спорт саройига олиб келиш учун махсус автобуслар юборилади.

    Ўз навбатида кейинчалик ҳам вилоятларда ўтадиган жангларни томоша қилиш учун юқоридаги каби имконияти чекланган болаларни ўз бағрига олган масканларда шароит бўлади. Uzbek Tigers жамоаси гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтиб, чорак финалга йўл олса, Самарқанд ва Термиздан кейин, қолган машҳур шаҳарлар ҳам бокс кечаларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.

    

    Бокс тарихи

    Боксни ривожлантириш қўллаб - қувватлаш жамғармаси

    Ҳалқаро Бокс Уюшмаси

    Боксни қаерда ўрганса бўлади

    Ўзбекистон боксни ривожлантириш қўллаб - қувватлаш жамғармаси ёрдамида

    Сайтни яратиш Brand.uz