Мусобақалар тақвими

    Тақвим

    Сайт бўйича қидирув

    Спонсорлар

    Спонсоры

    Ватан туйғуси ҳар нарсадан устун


    Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамкорлигида Рио 2016 – Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган боксчилар билан мулоқот ўтказилди.

    Унда ЎзМТДП Марказий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия фаоллари, “Ёшлар қаноти” ва “Аёллар қаноти” етакчилари, Ўзбекистон Бокс федерацияси вакиллари, Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндорлари, спорт усталари иштирок этди.

    Истиқлол йилларида мамлакатимизда навқирон авлодни ҳар томонлама соғлом қилиб тарбиялаш, улар ўртасида спортни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида ўзбек бокс мактаби жаҳонда етакчилар қаторидан жой олди. Буни турли халқаро нуфузли мусобақаларда спортчиларимиз эришаётган муваффақиятларда ҳам яққол кўриш мумкин.

    Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимиз боксчилари эришаётган муваффақиятлар салмоғи йилдан-йилга юксалиб бораётгани, спортни ёшлар ўртасида янада кенг оммалаштиришда Бокс федерацияси ҳамда ЎзМТДП ўртасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Партиямизнинг сайловолди Платформасида белгиланган ҳар томонлама соғлом ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, болалар ва ёшларнинг кенг кўламда спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ёшларни уч босқичли тизимдаги оммавий спортга — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақаларига жалб этишни янада ривожлантириш, шунингдек, мактаб ўқувчиларининг халқаро мусобақаларда иштирок этишига кўмаклашиш борасидаги устувор мақсад-вазифалар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

    — Ўзбек бокс мактабининг бугун жаҳон миқёсида эътироф этилаётгани фахр-ифтихор ва ғурар бағишлайди, — деди партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов. — Боксчиларимиз билан учрашув айнан Ватан ҳимоячилари куни арафасида ўтказилаётгани бежиз эмас. Спортчиларимиз эришаётган юксак натижалар уларнинг ғайрат-шижоати, ватанпарварлиги, юрт шаъни ва қадр-қимматини юксалтириш йўлидаги фидойилиги барча ёшлар учун ўрнак ва намунадир. Ватан шаънини, айниқса, халқаро майдонларда ҳимоя қилиш улкан шараф ва масъулият талаб этади. Айни шу маънода, спортчиларимиз ҳам Ватан шаъни ҳимоячилари сифатида ҳар қанча ардоқ ва эъзозга муносиб.

     

    Дарҳақиқат, 2016 йил Бразилияда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида тўлиқ таркиб билан (10 вазн тоифасида)  иштирок этган боксчиларимизнинг 7 нафари ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин олди. Эътиборлиси, Олимпия ўйинлари тарихида ҳали бирор бир мамлакат бокс бўйича бундай натижани қўлга киритмаган. Боксчиларимиздан Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғоибназаров олтин, Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев кумуш медални қўлга киритди. Рустам Тўлаганов ҳамда Муроджон Аҳмадалиев бронза медаллари билан тақдирланди. Терма жамоамиз аъзолари Куба, Қозоғистон, Россия, Буюк Британия, Бразилия каби бокс энг ривожланган давлатлар спортчиларини ҳам ортда қолдирди. Айниқса, Ҳасанбой Дўсматов тўрт йилликнинг энг яхши боксчисига топшириладиган нуфузли “Вэл Баркер” совринини қўлга киритди. Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) уни “Йилнинг энг яхши боксчиси”, деб тан олди.

    — Олимпиадада юртимиз спортчилари, айниқса, боксчиларимизнинг ҳар битта баҳсини қолдирмай кузатиб бордик, уларга астойдил мухлислик қилдик, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Алишер Қодиров. — Чарм қўлқоп усталаримиз эришган улкан муваффақият ҳаммамизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдирди. Ёшлигимда ўзим ҳам маълум муддат бокс билан шуғулланганман. Шу боис уни бироз тушунаман: боксда ҳеч бир ютуқ шунчаки қўлга киритилмайди. Бу муваффақиятлар, аввало, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтирди, қолаверса, фарзандларимиз учун муҳим намуна, ўрнак бўлди. Ёшларимиз ўртасида спорт билан шуғулланиш, юксак марраларни забт этишга бўлган қатъият янада мустаҳкамланди.

     

    — Боксчиларимизнинг энг нуфузли халқаро мусобақаларда қайд этаётган натижаларида ЎзМТДПнинг ҳам муйян ҳиссаси бор, — деди ЎзМТДП Марказий кенгаши аъзоси, Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига  ЎзМТДПдан сайланган депутат,  “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Шерзод Тошматов. — Чунки федерациямиз партия ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирларда спорт соҳасидаги муҳим масалалар юзасидан атрофлича суҳбатлашилади, таклиф-мулоҳазалар билдирилади. Ёшларни спортга янада кенг жалб этиш ҳамда қўллаб-қувватлашда партия ва Бокс федерациясининг нуқтаи назари яқин ва ўхшаш.

    Тадбирда Бокс федерацияси ва партия ўртасидаги ҳамкорлик изчил давом этиши, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида биргаликда қатор янги лойиҳалар амалга оширилиши лозимлиги таъкидланди. Бир гуруҳ спортчилар ЎзМТДП Марказий кенгаши томонидан тақдирланди.

    Манзил: http://mt.uz





































     

    

    Бокс тарихи

    Боксни ривожлантириш қўллаб - қувватлаш жамғармаси

    Ҳалқаро Бокс Уюшмаси

    Боксни қаерда ўрганса бўлади

    Ўзбекистон боксни ривожлантириш қўллаб - қувватлаш жамғармаси ёрдамида

    Сайтни яратиш Brand.uz