Мусобақалар тақвими

    Тақвим

    Сайт бўйича қидирув

    Спонсорлар

    Спонсоры

    ЭЛНУР АБДУРАИМОВ - РИО ОЛИМПИАДАСИ ҚАҲРАМОНИ ТАН БЕРГАН ЧЕМПИОН!



    Ўзбек бокс мактаби бугун ҳақли равишда дунёда энг кучлилардан бири сифатида эътироф этилади. Мамлакатимизда ҳар қандай мусобақада юқори ўринлар учун курашишга қодир бўлган боксчиларнинг янги авлоди камол топмоқда. Ана шундай юқори салоҳиятга эга чарм қўлқоп усталаридан бири Элнур Абдураимовдир.
     
    SPORTS.uz  
    ахборот портали мутахассислар томонидан келажаги порлоқ,  деб эътироф этилган Элнур Абдураимов билан суҳбат уюштирди.
     
    - Элнур, ўтган ҳафта Латвияда ўтказилган Европанинг энг нуфузли турнирларидан бир и – “Рига опен-2016”да олтин медаль ва Энг яхши боксчисовринини қўлга киритдингиз. Бу муваффақият билан табриклаймиз. Боксда бу даражага чиқиш осон бўлмагандир?







    - Аввало, табрик учун раҳмат. Бугун қўлга киритаётган ютуқларим, эришаётган натижаларимнинг барчаси оила аъзоларим ва мураббийларим меҳнати самараси, деб биламан. Отам Нурғали Абдураимов ёшлигидан бокс билан шуғулланган ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда кўп бор шоҳсупага кўтарилган. Оилада бир ўғил бўлишимга қарамай, отам мени кучли боксчи қилишга бел боғлади. Шу тариқа отам биринчи устозимга айланди ва бокснинг дастлабки сир-асрорларини менга пухта ўргатдилар. Оиламдагилар ҳам бокс билан жиддий шуғулланишим учун барча шароитларни яратиб беришди.
     
    Мен ҳам уларнинг ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қилдим. Ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда, мамлакат биринчиликларида ғолиб чиқиб, Чирчиқ олимпия захиралари спорт коллежига ўқишга қабул қилиндим. У ерда Тўқин Қиличев ва Рустам Саидов каби тажрибали мураббийлардан сабоқ олдим. Уларнинг ёрдамида халқаро миқёсдаги мусобақаларга тайёрландим. Айни пайтда Даврон Ғофуров билан ишлаяпман.







    - Бокс мураккаб спорт тури. Кузатишларимиз бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги халқаро мусобақаларда ўзини кўрсатган боксчилар кейинчалик ўз мавқеини бой бериб қўйиши кўп учрайди. Сиз 2012 йили Арманистондаги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва бир йилдан сўнг Филиппиндаги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида эрта ютқазган экансиз. Ўзингизга бўлган ишончни қандай сақлаб қолгансиз?
     
    - Ўша мусобақалардаги мағлубиятлар кучли боксчи бўлиб етишишимга хизмат қилган, деб ўйлайман. Зеро, спорт инсонга доимо ўзи билан ўзи курашишни, мақсад сари оғишмай ҳаракат қилишни, меҳнат орқали машаққатни енгиб ўтишни ўргатади. Боксда осонликча мақсадга етиб бўлмайди. Ютқазмайдиган спортчи йўқ. Мағлубиятлар бизни кучли қилади. Муҳими руҳан синиб қолмаслик. Устозларим мени камчиликлардан тўғри хулоса чиқариш ва хатоларни такрорламасликка ўргатишади. Ҳозир ҳам отам уйга келишим билан жангларимни тўлиқ таҳлил қилиб берадилар, хатоларимни кўрсатадилар, маслаҳат берадилар. Албатта, кейинги жангларда буларнинг самарасини ҳис қиламан. Устозлар ўгити муваффақиятларимиз калитидир.
     
    - Катталар ўртасидаги мусобақалардаги натижаларингиз устозлар ўгитини тўғри ўзлаштирганингизни кўрсатмоқда.







    - Дарҳақиқат, катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатлари менга муваффақият келтирмоқда. 2013 ва 2014 йилларда 60 килограмм вазнда икки карра мамлакат чемпиони бўлди. Бу йил ноябрда ташкил этилган мамлакат чемпионатида эса 64 килограммда биринчи ўринни эгалладим. Халқаро майдонда эса Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 2015 йили Таиланддаги қитъа биринчилигида бронза медални қўлга киритиб, жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконига эга бўлдим. Қатарда ташкил этилган жаҳон чемпионатида Рио Олимпиадаси учун йўлланмалар ўйналди. Ўз вазнимда ярим финалгача етиб бордим, лекин жаҳон чемпионатининг бўлажак ғолиби ва Олимпия ўйинлари совриндори кубалик Лазаро Алварезга ютқазиб қўйдим.







    Жаҳон чемпионатида бронза медални нақд қилган бўлсам-да, Олимпия йўлланмаси учун қўшимча жанг ўтказишим керак эди. Бу жангда бразилиялик Робсон Консейсао билан куч синашдим. Учрашувда бор маҳоратимни ишга солдим. Рақибим ўта кучли боксчи бўлса-да, мағлубиятини тан олди.







    Кейинчалик Робсон Консейсао Рио Олимпиадасида Бразилияга олтин медаль келтириб, ўз мамлакати қаҳрамонига айланди. Мен эса Риога боролмадим. Ҳамюртимиз Хуршид Тожибоев ярим профессионал боксчилар мусобақаси – APB жангларида жаҳон чемпиони бўлгани учун Ўзбекистон 60 килограмм вазнда иккита йўлланмага эга бўлиб қолди. Қоидага кўра, Олимпиадада бир мамлакатдан фақат бир киши қатнашади. Бу ҳуқуқ Хуршид Тожибоевга берилди.
     
    - Элнур, яна қайси боксчиларга қарши ўтказган жангларингиз ўзингизда маъқул келган?
     
    - Ўтган йили янги мусобақа – Жаҳон бокс серияларида “Uzbek Tigers” жамоаси таркибида ярим финалга етиб бордик. Кўп босқичли ушбу мусобақада россиялик Ҳасан Арсункеев, Жамол Бадруддинов, пуэрто-риколик Стивен Руидиаз, жаҳон чемпионатидаги азалий рақибим Лазаро Алварезга қарши жанглар айниқса муросасиз бўлди. Шунингдек, ўзбекистонлик боксчи, жаҳон ва Олимпия ўйинлари совриндори Баҳодир Султоновгақарши жангим ҳам ўзимга ёқади.







    Мен боксда Рио Олимпиадасида чемпион ва совриндор бўлган дўстларим Ҳасанбой Дўсматов ва Муроджон Аҳмадалиевнинг жангларини мароқ билан кузатаман. Бизнинг услубимиз яқин бўлгани учун бир биримиздан жуда кўп нарса ўрганамиз. Дўстларимнинг ютуғидан фахрланаман.
     
    - Боксдан бошқа қизиқишларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?
     
    - Спорт турларидан футболга қизиқаман. “Барселона”га мухлислик қиламан. Кўпчилик мени Каталония клубига ишқибоз эканимни эшитиб, ёқтирган футболчинг аниқ Лионель Месси, дейишади. Менга ёқадиган футболчи “Реал”да тўп суради, дейман. Унда Криштиану Роналдунинг мухлиси экансан, дейишади. Йўқ. Менга Серхио Рамос ёқади. Чунки у иродали инсон ва доимо охиригача курашади. Спортчи ана шундай бўлиши керак.
     
    Ҳа, Элнур Абдураимов ўзи спортчиларда қадрлаган фазилат – кучли иродани ўзига ҳам сингдирган. Суҳбатимиз давомида Элнур ёш бўлишига қарамай, мақсад сари дадил интиладиган, қийинчилик ва машаққатлардан чўчимайдиган, қатъиятли ва шу билан бирга қувноқ ва самимий йигит эканига гувоҳ бўлдик.







    Элнур ўз олдига жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ўйинларида чемпион бўлиш вазифасини қўйган экан. Шундай бўлса-да, у энг аввало, ҳар ким ўз ота-онаси, оиласи ва албатта, ватани корига ярайдиган инсон бўлиши керак деган фикрни билдирди.
     
    SPORTS.uz ахборот портали Элнур Абдураимовга самимий суҳбати учун миннатдорлик билдириб, мақсадлари рўёбга чиқишини ва доимо ғалабалари билан мухлисларини хушнуд этишини тилаб қолади.
     
    Ушбу материалдан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда SPORTS.uz ахборот порталининг номи аниқ кўрсатилиши ҳамда ҳавола (линк) берилиши шарт!

    

    Бокс тарихи

    Боксни ривожлантириш қўллаб - қувватлаш жамғармаси

    Ҳалқаро Бокс Уюшмаси

    Боксни қаерда ўрганса бўлади

    Ўзбекистон боксни ривожлантириш қўллаб - қувватлаш жамғармаси ёрдамида

    Сайтни яратиш Brand.uz